Олмаотадан хоҳловчилар Ўзбекистонга қайтарилади

ТИВ расмий вакилининг маълум қилишича, улар “Uzbekistan Airways” компаниясининг навбатдаги рейслари орқали Ўзбекистонга қайтарилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 янв — Sputnik. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Қозоғистондаги воқеалар юзасидан ахборот берди.
Таъкидланишича, вазирлик қўшни Қозоғистондаги вазиятни мунтазам равишда кузатиб бормоқда.
Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналари – Нур-Султондаги элчихонаси, Олмаота ва Ақтаудаги бош консулликларида тезкор штаблар ташкил этилди.
ТИВ: Ўзбекистон фуқароларининг Қозоғистонда ҳибсга олингани ҳақида маълумот йўқ
Маълум қилинишича, қийин аҳволда қолган фуқароларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Талабалар билан алоқа ўрнатилган. Уларга зарур ёрдам кўрсатиш ишлари олиб борилмоқда. Нур-Султон шаҳридаги аэропортда парвозини кутаётган фуқаролар иссиқ овқат билан таъминланган.
ТИВ вакили Қозоғистон ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари билан уларнинг қариндошлари ва яқинлари ўртасида алоқа ўрнатишда тезкор ёрдам кўрсатилаётганини маълум қилган.
“Олмаотадан Ўзбекистонга қайтишни хоҳловчи фуқаролар рўйхати тузилди. Улар “Uzbekistan Airways” компаниясининг навбатдаги рейслари орқали Ватанга қайтарилади”, - дейилган хабарда.
Ҳозирда Олмаота аэропорти ёпиқлигича қолмоқда.
Мамлакат фуқаролари ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича Ўзбекистоннинг Нур-Султон (телефон рақами: +7 771 020 36 73), Олмаота (+7 777 950 44 33) ва Ақтау (+7 777 599 00 51) шаҳарларидаги дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилишлари мумкин.