ТОШКЕНТ, 10 янв — Sputnik. Варшава шаҳрида ўтказилган шахмат бўйича рапид ва блиц йўналишларидаги ФИДЕ жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этган Ўзбекистон шахматчиларига пул мукофотлари топширилди, деб хабар қилди Туризм ва спорт вазирлиги.
Нодирбек Абдусатторов барча рақибларини ортда қолдирган ҳолда жаҳон чемпиони деган юксак номга сазовор бўлди. Жавоҳир Синдаров блиц йўналишида анча юқори бўлган 8-ўринни қўлга киритди.
Нодирбек Абдусатторов Ўзбекистон президенти фармонига асосан “Мард ўғлон” давлат мукофоти ва президент совғаси сифатида 2 хонали уй билан тақдирланди.
Бугун шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича жаҳон чемпионати қаҳрамонлари пул мукофотларини қабул қилиб олдилар.
Жумладан, Нодирбек Абдусатторов 250 миллион сўм, унинг тренерлари Дмитрий Қаюмов (марҳум) ҳамда Жаҳонгир Воҳидовлар 100 миллион сўмдан, Жавоҳир Синдаров 50 миллион сўм ва ниҳоят Шамсиддин Воҳидов 25 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотига лойиқ кўрилишди.