ТОШКЕНТ, 9 янв – Sputnik. Қозоғистоннинг барча вилоятларида вазият барқарорлашди, террорчилар томонидан эгаллаб олинган бинолар озод қилинди - деб хабар қилмоқда Республика Ички ишлар вазири в.б. Ерлан Тургумбаев.
"Бугунги кунда барча ҳудудларда вазият барқарорлашди. Қозоғистон ҳуқуқни сақлаш кучлари томонидан эгаллаб олинган барча акимат бинолари озод қилинди. Коммунал хўжалик объектлари ва таъминот тизимлари фаолияти қайта тикланди" - деди Тургумбаев ўз мурожаатида.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда янги йилдан сўнг оммавий норозилик намойишлари бошланган эди. Дастлаб мамлакат шимолида, Манғистау виялотида суюлтирилган газ нархи ошиши сабаб бошланган норозилик намойишлари кейинчалик Қозоғистон жанубий вилоятларда оммавий тартибсизлик, босқинчилик ва террорчиликка ҳаракатига айланиб кетди.
Қуролланган тўдалар йирик шаҳар марказлари, маъмурият бинолари, телеканалларни эгаллаб олишди, полиция ва ҳарбийларга ҳужумлар уюштиришди. Магазинларга босқинчилик қилинди. Бунга жавобан Қозоғистон президенти 19 январга қадар мамлкатда фавқулодда вазият жорий этди ва КХШТ аъзоларидан ёрдам сўради. Қозоғистонга Россия, Беларусь, Арманистон ва Тожикистондан КХШТ тинчликпарвар кучлари вақтинча киритилди. Уларнинг вазифаси - муҳим объектларни қўриқлаш.
БМТ маълумотига кўра, Қозоғистондаги тартибсизликлар давомида 18 нафар ҳуқуқни сақлаш органлари ходимлари қурбон бўлган, мингга яқин киши яраланган.
Айни дамда Қозоғистонда аксилтеррор операция ўтказилмоқда. Қозоғистон ҳарбийлари Олма-Ота, Чимкент ва бошқа вилоят марказларида тартибсизликларда иштирок этган жангариларни қўлга олмоқда. Шу кунга қадар 4200дан ортиқ киши қўлга олинган. Улар орасида чет эл фуқаролари ҳам бор.