Ўзбекистонда Omicron штамми аниқланди

Ўзбекистонда "омикрон" штамми аниқланди ва санитар-эпидемиологик назорат чоралари кескин кучайтирилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 янв - Sputnik. Ўзбекистонда Омикрон штамм аниқланди ва эҳтиёт чоралари кучайтирилди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Хабарда айтилишига кўра, Omicron штамми жорий йилнинг 7 январь куни Ўзбекистонга келган хорижий давлат фуқаросида аниқланган.
Шунингдек, ССВ 8 январ куни Ўзбекистонда 370 кишида коронавирус аниқланганини ва бу октябрь ойидан буён кузатилган энг юқори кўрсатгич экани ҳақида хабар берган эди.
Ушбу муносабат билан республикада эҳтиёт чоралари кучайтирилади. Хусусан:
жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш устидан назорат кучайтирилади. Барча ташкилот, корхона, савдо мажмуалари, супермаркетлар, кўнгилочар муассасаларнинг кириш қисмида санитар қоидаларга амал қилиш таъминланади;
Умра зиёратидан қайтиб келаётган фуқаролардан ПЗР ёки экспресс тестни Саудия Арабистони ҳудудида ўзбек тиббиёт ходимлари томонидан олиниши ташкил этилади;
Вазирлик ва идора раҳбарлари ишчиларни эмлангандан сўнг иш жойларига киритишга рухсат берилади;
ОТМ талабаларига таътил давомида коронавирусга қарши тўлиқ эмлаш чоралари кўрилади, бунга ОТМ раҳбарлари шахсан масъул этиб белгиланади;
Республика махсус комиссиясининг қарори билан 2022 йил 15 январдан бошлаб хорижий давлатлардан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчилар келишидан камида 48 соат олдин топширилган ПЗР тест манфий натижасига эга бўлиши ёки аэропорт, темир йўл вокзаллари ва чегара ўтказиш пунктларида экспресс тест топшириши шарт.
Эслатиб ўтамиз, коронавируснинг янги штамми "омикрон" дастлаб Ботсвана ва Жанубий Африкада 2021 йилнинг ноябрь ойида аниқланган эди. Қисқа вақт ичида у дунёнинг 60дан ортиқ давлати ҳудудига тарқалиб улгурди.
Бугунги кунда Европа ва Америкада кунига юз минглаб кишилар ушбу вирусга чалинмоқда. Шифокор ва олимлар "Омикрон" унчалик оғир кечмасада у инсон организмида жиддий асоратлар қолдириши мумкинлиги ҳақида хабар қилишмоқда.