ТОШКЕНТ, 8 янв — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин ва Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев телефон орқали суҳбатлашди, деб хабар қилди Россия президенти матбуот хизмати.
Тоқаев Путинга Қозоғистондаги вазият ҳақида батафсил гапириб берди ва КХШТ бўйича ҳамкорларга, хусусан Россияга ёрдам учун миннатдорчилик билдирди.
“Қозоғистон президенти мамлакатдаги мавжуд вазият ҳақида батафсил маълумот бериб, унинг барқарорлашув томон кетаётганини таъкидлади”, — дейилади матбуот хабарида.
Икки президент Қозоғистонда тартибни тиклаш бўйича чора-тадбирлар ҳақида ҳам фикр алмашди.
Яқин кунларда КХШТнинг онлайн саммити бўлиши кутилмоқда, Тоқаев шундай ташаббус билан чиқди, Путин буни қўллаб-қувватлади.
Қозоғистондаги тартибсизликлар
Қозоғистонда оммавий норозилик намойишлари 2022 йилнинг дастлабки кунларида бошланди. Ўшанда мамлакат ғарбидаги Жанаозен ва Оқтау шаҳарлари аҳолиси суюлтирилган газ нархининг икки баравар ошишига қарши чиқди, кейинчалик норозилик намойишлари бошқа шаҳарларга ҳам тарқалди.
Кейинроқ бошқа шаҳарларда ҳам одамлар кўчага чиқди, Қозоғистон кучишлатар тизим ходимлари билан бир неча бор тўқнашувлар бўлди, ҳар томондан жабрланганлар бор.
Воқеалар иштирокчилари - уларни ҳукумат жангари ёки террорчи деб атамоқда, маъмурий бинолар ва полиция бўлимларига бостириб киришга бир неча бор уринишди, улар қайтарилди. БМТнинг маълумотларига кўра, намойишлар чоғида мингга яқин киши яраланди. Республика ИИВ 18 нафар кучишлатар ходими ҳалок бўлганини маълум қилди.
19 январга қадар бутун Қозоғистон ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этилди, ҳукумат акция қўзғатувчилардан майдонларни тозаламоқда.
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳукуматни истеъфога чиқарди ва ёқилғи сотиш нархларини тартибга солиш ҳақида кўрсатма берди, аммо ғалаёнлар давом этди. Президент Хавфсизлик кенгаши раҳбари бўлди, унинг биринчи йиғилишида Қозоғистондаги вазиятни “давлат яхлитлигига путур етказувчи” деди ва ёрдам сўраб КХШТга мурожаат қилганини айтди.
Тартибсизликлар вақтида ташкилот аъзолари республикага коллектив тинчликпарвар кучларни жўнатди. Россия, Қирғизистон, Арманистон, Беларус ва Тожикистон Қозоғистонга ёрдам беради. Тинчликпарвар қўшинларнинг вазифалари - маъмурий ва дипломатик биноларни қўриқлаш ва маҳаллий ҳарбийларга қонуний тартибни сақлашга кўмаклашиш. Бирлашган қўшин ҳаракатларига Россия Ҳаво-десант кучлари қўмондони, генерал-полковник Андрей Сердюков раҳбарлик қилмоқда.