Олмаотада 13 нафар ҳарбий ҳалок бўлди, 2 нафари боши танасидан жудо қилинган ҳолда топилди

Олмаотада ҳалок бўлган полиция ходимларининг сони 13 кишига етди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 янв — Sputnik. Олмаотада ҳалок бўлган полиция ходимларининг сони 13 кишига етди, улардан 2 нафари боши танасидан жудо қилинган ҳолда топилган, деб хабар қилди Sputnik Қозоғистон.
“Ҳуқуқ-тартибот идораларининг 13 нафар ходими ҳалок бўлди, жумладан, 2 нафари боши танасидан жудо қилинган ҳолда топилган”, - деди агентлик суҳбатдоши.
Ҳукумат жасадлардаги бу шикастларни "Олмаотага ҳужум қилган бандит тузилмаларининг террористик ва экстремистик характерга эга эканлигидан бевосита далолат берувчи белгилар" сифатида баҳолади.
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Нефт қазиб олинадиган Мангистау вилоятида жойлашган Жанаозен ва Ақтау шаҳарлари аҳолиси автомобиллар учун ёқилғи сифатида ишлатиладиган суюлтирилган газ нархининг икки баравар ошишига қарши намойишга чиқди. Тартибузарликлар бутун мамлакат бўйлаб тарқалди.
Кейинроқ президент Қасим-Жомарт Тоқаев олти ой муддатга ёқилғи нархини давлат томонидан тартибга солишни жорий этиш бўйича кўрсатма берди, ҳукуматни истеъфога чиқарди ва аввал республиканинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев бошқарган Хавфсизлик кенгаши раиси бўлди.
Ҳукумат қонунбузарларга нисбатан кескин чоралар кўриши ҳақида намойишчилар огоҳлантирди, чунки тартибсизликларда ҳарбийлар ўлдирилди ва ярадор қилинди. Бундан ташқари, намойишчилар маъмурий бинолар ва полиция бўлимларига бостириб киришга бир неча бор ҳаракат қилишди, бунда ўнлаб одамлар ҳалок бўлган.
Бутун республика ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этилди.