ТОШКЕНТ, 2 янв — Sputnik. Ўзбекистон ҳукумати 2026 йилгача нодавлат олий таълим ташкилотлари сонини камида 50 тага, олий таълим муассасалари сонини 200 тага етказишни режалаштирмоқда. Бу “Янги Ўзбекистоннинг 2022−2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги президент фармони лойиҳасида кўзда тутилган.
Қорақалпоғистон Республикасида 5 та нуфузли маҳаллий ва хорижий олийгоҳларнинг филиаллари ташкил этилиши кутилмоқда. Тошкент вилоятида Нурафшон давлат университети очилади. У 5 минг нафар талабага мўлжалланган бўлади.
Келгуси 5 йилда Андижон вилоятида 4 та хусусий олийгоҳ, Наманганда эса 7 та олийгоҳ ўз эшикларини очиши мумкин.
Самарқанд шаҳрида 20 минг нафар талабага мўлжалланган “Ёшлар шаҳарчаси”ни барпо этилиб, унда камида 4 та хорижий университетнинг филиал ва кампусларини жойлаштирилади.
Хорижий давлатларнинг етакчи техника университети билан биргаликда Самарқанд технология университетини ташкил этиш ҳам режада бор.
Ҳар бир ҳудудда олий таълимга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, камида 1 тадан нодавлат олий таълим ташкилоти ташкил этилиши кутилмоқда.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда олийгоҳлар сони 156 тага етган.
2022 йилда Россия Ўзбекистонда 10 тача ОТМ филиалини очишни режалаштирган. Бугунги кунга қадар Ўзбекистонда Россиянинг 15 та етакчи университетларининг филиаллари ташкил этилган бўлиб, улардан 12 таси 2018—2021 йилларда очилган. Мазкур филиалларда мамлакатнинг 6 минг нафардан ортиқ талабаси таҳсил олмоқда.