ТОШКЕНТ, 1 янв — Sputnik. Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг шахсий таркиб бўйича буйруғи билан лавозим тайинловлари амалга оширилди.
Хусусан, полковник Олим Саидов ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи ўринбосари – йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи лавозимига тайинланди. Тайинловга қадар Саидов ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.
Полковник Бахтиёр Бердиалиев ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи ўринбосари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи лавозимига тайинланди. Аввал Бердиалиев ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган.
Подполковник Даврон Азизов ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи ўринбосари – жамоат тартибини сақлаш хизмати бошлиғи вазифасини бажарувчиси этиб тайинланди. Азизов шу вақтгача ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи ўринбосари-ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи лавозимида меҳнат қилган.
Полковник Аманбай Оринбаев ИИВ Пробация хизмати бошлиғи лавозимига тайинланди. Тайинловга қадар Оринбаев ИИВ Жамоат тартибини сақлаш хизмати бошлиғининг 1-ўринбосари лавозимида фаолият юритган.