ТОШКЕНТ, 30 дек – Sputnik. Россия президенти Владимир Путин ўзбекистонлик ҳамкасби Шавкат Мирзиёевни кириб келаётган Янги йил билан қутлади.
Россия етакчиси табрик мактубида 2022 йилда Москва ва Тошкент ўртасидаги долзарб масалалар бўйича самарали мулоқот ва яқин ҳамкорликдаги ишлар давом этишига умид билдирган.
“Бу, шубҳасиз, дўст Россия ва Ўзбекистон халқларининг туб манфаатларига жавоб беради, Марказий Осиё минтақасида тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга мос келади”, — дейилади Кремль сайтида чоп қилинган табрик матнида.
Шунингдек, Путин Шавкат Мирзиёевнинг ноябрь ойидаги Москвага ташрифи икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик мустаҳкамлигини тасдиқлаганини қайд этган. Икки давлат раҳбарларининг музокаралари ҳамкорликнинг янги истиқболларини белгилаш имконини берган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев президент этиб қайта сайлангандан кейин биринчи давлат ташрифини Россияга амалга оширган эди. Шавкат Мирзиёев Кремлда Владимир Путин билан учрашди. Ўзбекистон ва Россия етакчилари учрашуви якунларига кўра 18 та ҳужжат имзоланди.