ТОШКЕНТ, 30 дек – Sputnik. Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида муз ўртасида қолиб кетган икки бола қутқариб олинди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, 29 декабрь куни соат 16:45 да Қоскўл кўли ўртасида икки вояга етмаган бола қолиб кетганлиги тўғрисида хабар келиб тушган. Қутқарувчилар уларни қутқариш учун воқеа жойига тезкорлик билан етиб борган.
Маълум бўлишича, болалар кўл ўртасидаги муз устида ўйнаётган вақтида муз ёрилиб, улар сувга тушиб кетишган. Совуқ сувда ўзларини йўқотмаган болакайлар музлаган сувдан чиқиб олиб, кўл ўртасидаги оролчада қолиб кетишган. Муз ёрилганлиги туфайли болаларнинг ортга қайтиш имкони бўлмаган.
Қутқарувчиларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида оролчада қолиб кетган болалар қирғоққа олиб ўтилиб, воқеа жойида уларга биринчи тиббий ёрдам берилган. Кейин малакали ёрдам кўрсатиш учун шифохонага юборилган.
Ҳозир уларнинг аҳволи яхши, улар ота-онаси бағрида.