ТОШКЕНТ, 29 дек – Sputnik. Ўзбекистонда 2021 йилнинг 31 декабрь ва 2022 йилнинг 1-4 январь кунлари барча соҳа вакиллари учун дам олиш куни деб эълон қилинган. Шу боис пенсия ва нафақаларни тўлаб бериш муддати узайтирилмоқда.
“Январь ойи учун пенсия ва нафақалар нақд пул шаклида тарқатилиши ва банк карталарига ўтказилиши 5-6 январдан бошлаб белгиланган муддатларгача тўланиши таъминланади”, - дейилган Пенсия жамғармаси ва Халқ банкининг қўшма баёнотида.
Бугунга қадар президентнинг 2017 йил 2 февралдаги [ПҚ-2753-сон] фармонига мувофиқ, пенсия ва нафақа пуллари ҳар ой биринчи банк иш кунидан бошлаб 27 санасига қадар тўлаб келинаётган эди.
Хусусан, тўловлар кунлик график асосида (дам олиш кунларидан ташқари) маҳалла фуқаролар йиғинлари ва фуқароларнинг яшаш манзилига борган ҳолда етказиб келинган.