ТОШКЕНТ, 29 дек — Sputnik. Ўзбекистон президентининг фармони билан Польшанинг Варшава шаҳрида бўлиб ўтган шахмат бўйича жаҳон чемпионатида ғолибликни қўлга киритган ва мазкур спорт турининг рапид йўналишида жаҳоннинг энг ёш чемпиони сифатида эътироф этилган Нодирбек Абдусатторов “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди ҳамда президент кўрсатмаси билан унга Тошкент шаҳрида 2 хонали хонадон совға қилинади.
17 ёшли ўзбекистонлик шахматчи Нодирбек Абдусатторов Польшадаги Жаҳон чемпионатининг тезкор (рапид) йўналишида ғалаба қозониб, чемпион унвонига сазовор бўлди.
Нодирбек чемпионлик йўлида 13 турда 7 та ғалаба, 5 та дуранг ва 1 та мағлубият билан 9.5 очко жамғарди.
Умумий ҳисоб россиялик Ян Непомняший ҳамда Абдусатторовнинг бир хил кўрсаткичлари билан якунлангач, ғолиб жамоани аниқлаш учун тай-брейкка мурожаат қилинди.
Унда ўзбекистонлик шахматчи рақибини мот қилишга муваффақ бўлди.
Нодирбек Абдусатторов 2017 йилда Sputnik мухбирига берган интервьюсида беш йилдан сўнг дунёнинг энг кучли шахматчилари рўйхатида бўлишини таъкидлаганди.