Доктор Силвия Мезей ва профессор Йенс Кристоф Тюрп бошчилигидаги Базел университети тадқиқотчилари гуруҳи жағ мушакларининг илгари ўрганилмаган қисмини аниқлади. Олимлар ўз кашфиёти ҳақида Annals of Anatomy илмий журналида сўзлаб берган.
“Чайнаш мушакларининг бу қисми ўзининг жойлашиши ва функцияси билан бошқа қатламлардан аниқ фарқ қилади”, - дейдиМезей Science Daily илмий порталига берган изоҳида.
Мутахассислар фикрига кўра, мушакнинг янги, чуқур қатлами пастки жағнинг шаклланишида иштирок этади ва уни барқарорлаштиради. Бу пастки жағни орқага, яъни қулоқ томон тортиб оладиган чайнаш мушакларининг ягона қисмидир.
Ушбу анатомик тадқиқот ўз танасини тиббиёт фани учун ҳадя қилган марҳумларнинг формалинга ботирилган 12 бошни текшириш орқали ўтказилган. Яна 16 та жасаднинг компьютер томографияси ва бир тирик одамнинг МРТмаълумотлари таҳлил қилинган.
Олимлар янги қатламга - Musculus masseter pars coronidea “чайнаш мушагининг короноид қисми” деб ном берди, чунки тасвирланган қатлам пастки жағнинг короноид ўсимтасига бириктирилган.
“Маълумки, сўнгги юз йил ичида инсон анатомиясидаги ҳамма нарса ўрганилган. Ва бизнинг кашфиётимиз жуда ҳайратланарли, чунки уни зоологлар томонидан умуртқали ҳайвонларнинг янги турини кашф қилиш билан солиштириш мумкин”, - дея таъкидлади профессор Тюрп.
Хабарда аниқлик киритилишича, фанда чайнаш мушаклари юзаки ва чуқур қисмдан иборат дея ҳисобланган. Олимлар аввалроқ чайнаш мушакларининг бу ўрганилишини шубҳа остига олган. Бироқ, бу назариялар бир-бирига қарама-қарши тавсифларга эга эди.