ТОШКЕНТ, 28 дек — Sputnik. Тарихий алоқалар ва ҳамкорлик Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларига пандемия давридан бошқа давлатларга қараганда яхшироқ ўтиш имконини бермоқда, деди Россия президенти Владимир Путин.
МДҲнинг норасмий саммитида Россия президенти сўнгги ўн йилликлар давомида кўплаб туб ўзгаришлар бўлганини, бироқ Ҳамдўстлик ташкил этилиши ўзи оқланганини таъкидлади. Мамлакатлар кўплаб йўналишларда, жумладан, хавфсизлик ва иқтисодиёт соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлади.
Совет Иттифоқи давридан бери сақланиб қолган алоқалар ижобий рол ўйнамоқда - умумий алоқалар, шериклар каби ишлайдиган умумий корхоналар - юқори даражадаги ҳамкорлик кооперацияси, буларнинг барчаси нафақат сақланиб қолганди, балки бутунлай янги заминда, мутлақо янги базада ривожлантирилди. Бу бизга пандемиянинг оғир давридан ўтиш имкониятини бермоқда
Бундан ташқари, Россия президенти коронавирусга қарши кураш бўйича келгусидаги ишлар тўғрисида маълумот бериш учун Россия бош санитария врачи Анна Поповани таклиф қилди.
Роспотребнадзор раҳбари илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва биологик хавфсизлик таҳдидларига қарши ахборот алмашиш учун ягона минтақавий тизимни яратишга чақирди.
"Пандемия фонида дунёнинг кўплаб давлатларида юқори даражадаги биологик ҳимоя лабораторияларини яратишга кўп маблағ сарфланмоқда. Шубҳасиз молекуляр эпидемиология, биологик хавфсизликни таъминлаш учун инвестиция, кадрлар, инфратузилма, илмий марказлар ва лабораториялар талаб қилинади”, - деди у МДҲнинг норасмий саммитида.
Бош санитар шифокор Анна Попова МДҲ мамлакатлари бир қатор муҳим афзалликларга - СССР даврида яратилган санитария-эпидемиология хизмати, бу ишга умумий ёндашувлар, кадрларни тайёрлашдаги ўхшаш тизим ва умумий тилга эга эканлигини таъкидлади.
Владимир Путин ташаббуси билан Санкт-Петербургда МДҲ давлатлари раҳбарларининг анъанавий норасмий учрашуви бўлиб ўтмоқда. Унда Арманистон бош вазири Никол Пашинян, президентлар Илҳом Алиев (Озарбайжон), Александр Лукашенко (Беларус), Қосим-Жомарт Тоқаев (Қозоғистон), Садир Жапаров (Қирғизистон), Эмомали Раҳмон (Тожикистон), Гурбангули Бердимуҳамедов (Туркманистон) Шавкат Мирзиёев (Ўзбекистон), шунингдек, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев иштирок этмоқда.