ТОШКЕНТ, 28 дек – Sputnik. Uzcard ва HUMO тўлов тизимларини интеграция қилиш жараёнининг биринчи босқичи якунланди. Яқин келажакда иккала тизим карталарига битта терминалда хизмат кўрсатиш мумкин бўлади.
Марказий банк хабариаг кўра, илгари терминалларда чекловлар мавжуд бўлган бўлса, эндиликда битта терминалда ҳам Uzcard ҳам Humo карталарига хизмат кўрсатиш мумкин бўлади.
“Яқин келажакда кассир томонидан ҳар бир карта учун турли терминалларнинг таклиф қилиниши шарт бўлмайди — савдо ва хизмат нуқталари иккала тўлов тизимига хизмат кўрсатадиган битта аппаратга эга бўлади”, — дейилган хабарда.
Интеграция меморандуми доирасида Uzcard ва HUMO қуйидаги йўналишларда ҳамкорликни давом эттиради:
карта эгалари, банклар, тўлов ташкилотлари ва чакана савдо шохобчалари манфаатларини ҳимоя қилиш;
технологияларни такомиллаштириш ва нақд пулсиз ҳисоб-китобларни рағбатлантириш инфратузилмасини кенгайтириш;
тўлов инфратузилмаси ишончлилиги ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш.