ТОШКЕНТ, 26 дек – Sputnik. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов маст ҳолда автомобил бошқарганлик учун 15 сутка қамоқ жазоси белгилашни таклиф қилди.
“Спиртли ичимлик истеъмол қилиб транспорт бошқараётган ҳайдовчиларга нисбатан 15 сутка қамоқ жазоси ва ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилишни таклиф қиламан. Йилига минглаб одамлар вафот этаётганини инобатга олиб, бу соҳада фавқулодда ҳолат эълон қилиш керак деб ҳисоблайман. Аҳвол кўчада ўта оғир”, – дея ёзди Алламжонов ўзининг Telegram каналида.
Аввалроқ транспорт воситасини маст ҳолда бошқарганлик учун жазо чоралари кучайтирилиши кутилаётгани маълум бўлган эди. Маъмурий ва Жиноят кодексларига бунга оид ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар киритилган.
Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддасига асосан, маст ҳолда машина ҳайдаш уни транспорт бошқариш ҳуқуқидан 1 йилу 6 ойдан 3 йилгача муддатга маҳрум қилиб, 25 БҲМ (6,7 млн сўм) жаримага солишга сабаб бўлади. Ҳайдовчининг организмида алкогол миқдори 0,135 промилледан юқори бўлса, у маст ҳолда транспорт воситасини бошқарган ҳисобланади.