ТОШКЕНТ, 25 дек — Sputnik. “Трансчегаравий пул ўтказмаларини таъминлаш бўйича тўлов тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, хориждан Ўзбекистонга трансчегаравий пул ўтказмаларини амалга ошириш мақсадида Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки (Ўзмиллийбанк) негизида “Ягона трансчегаравий пул ўтказмалари” тўлов тизими ташкил этилади.
Тўлов тизими бир қатор аппарат ва дастурий-техник воситаларни ўзида мужассам қилган тизимли платформа бўлиб, унинг иштирокчилари (кредит ташкилотлари) учун вакиллик ҳисобварақлари орқали трансчегаравий ўтказмалар бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширади.
“Азия – Инвест Банк” АЖ (Москва) бу тўлов тизими орқали амалга оширилган трансчегаравий ўтказмалар бўйича Россия Федерациясидаги ҳисоб-китоб банкларидан бири ҳисобланади.
Қарорга кўра, Россия Федерациясида ишлаётган Ўзбекистон фуқароларининг ишга жойлашиш бўйича харажатларини қоплаш мақсадида кредитлар ажратиш лойиҳаси ишлаб чиқилади.