ТОШКЕНТ, 25 дек — Sputnik. “Россия-Ўзбекистон-Россия” йўналиши бўйича “Агроэкспресс” поезди охирги станциясига муваффақиятли етиб келди, деб хабар қилди Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси.
“Мева-сабзавот маҳсулотлари – узум, хурмо, помидор, лимон бўлган контейнерлар бўлган поезд Тошкентдан Москва темир йўлининг Селятино станциясига етиб келди”, — дейилган элчихона хабарида.
“Агроэкспресс” лойиҳаси Россия иқтисодий ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, Uzagrologostics centers, “Россия темир йўллари логистика” АЖ, “Россия экспорт маркази” АЖ ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
Ноябр ойи ўрталарида Тамбовдан биринчи “Агроэкспресс” поездида музлатилган товуқ гўшти Тошкентга етказиб берилганди.
Энди Тошкентдан “Агроэкспресс”да Москвага узум, хурмо, помидор, лимон олиб келинди.
“Биз биринчи қадамларни қўйдик, амалиётда “Агроэкспресс”нинг барча ўтиш жойларини – транзит зоналар, ҳатто “яшил йўлак” режимида амалга оширилиши лозим бўлган турли назорат чораларини ўргандик,” – деди Россия иқтисодий ривожланиш вазир ўринбосари Дмитрий Вольвач.
Унинг сўзларига кўра, бу лойиҳани такомиллаштиришдан барча манфаатдор, айниқса бошқа давлатлар ҳам: Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Озарбайжон ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Шу ўринда иқтисод фанлари доктори, Россия қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазири собиқ ўринбосари Леонид Холод Sputnik Ўзбекистон мухбирига берган интервьюсида таъкидлашича, бу лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун махсус логистика занжири зарур.
"Бундай поездларга маҳсулотларни танлаш, қадоқлаш, юклаш ва расмийлаштириш билан шуғулланадиган махсус логистика бўлими бўлиши керак", - деди Леонид Холод.
Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳукуматлараро келишувлар доирасида Жиззах вилоятида агрологистик комплекси ҳам ана шундай мақсадларда ташкил этилмоқда. Мажмуа йилига 260 минг тоннагача мева-сабзавотни қайта ишлаш имкониятига эга бўлади.
2021 йилнинг январ-октябр ойларида Ўзбекистон Россияга 341 минг тонна мева-сабзавот етказиб берди. Ўз навбатида, Россия Ўзбекистонга 4,73 млрд $ маҳсулот етказиб берди ва Ўзбекистоннинг импорт ҳамкорлари орасида биринчи ўринни эгаллади.