ТОШКЕНТ, 24 дек — Sputnik. Украинада хорижий ҳарбийлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда, 4 минг АҚШ ҳарбий инструктори Донбасс яқинидаги чегара чизиғида турибди, деди Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова.
“Украинада хорижий ҳарбийларнинг сони йилдан-йилга ортиб бормоқда... Улардан 4000 нафари (инструкторлар — таҳр.) бевосита Америка Қўшма Штатларидан”, — деди Захарова брифингда.
Киев Донбассдаги можарони ҳарбий йўл билан ҳал қилишга тайёргарлик кўрмоқда, деди Мария Захарова.
Украинанинг ҳарбий бюджети 20 %га ошди. Киев нафақат мудофаа, балки ҳужум қуролларини ҳам сотиб олмоқчи.
Киев аҳолини Донбасс бўйича ваъдалардан чалғитиш учун "тайёрланаётган Россия ҳужуми” атрофида васвасани қўзғатмоқда.
Аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлигининг МДҲ давлатлари иккинчи департаменти директори Алексей Полишук айтган маълумотларга қараганда, ғарб давлатларидан келган инструкторлар Украина ҳарбийларини тайёрламоқда, бу эса Минск келишувларини тўғридан-тўғри бузади ва Донбассдаги вазиятга салбий таъсир қилади. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда НАТО давлатларининг 10 мингга яқин ҳарбий хизматчиси Украинадаги ҳарбий объектлар ва ҳарбий-денгиз базаларида жойлашган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Киев Донбассга Украина Қуролли кучлари шахсий таркибининг ярмини жўнатди. Москва НАТО давлатларидан Россия чегараларига ҳарбий техника ўтказилиши ва Донбассда ғарб инструкторлари сони ортишидан хавотир билдирди. Ғарб давлатлари Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишда, жумладан Донбассда қўллаш учун қурол-яроғларни етказиб беришда давом этмоқда.