Қариндошлар орасида тузилган оилаларнинг қарийб 25 фоизида ногирон фарзанд туғилган

Маҳалла вазирлиги: Ўзбекистонда қариндоши билан турмуш қурганларнинг ҳар тўрттасидан бири ногирон фарзанд кўрган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 дек – Sputnik. Ўзбекистонда қариндошлар орасида тузилган оилаларнинг 24,9 фоизида ногирон фарзанд дунёга келган. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Мукаррам Нурматова маълум қилди.
Таъкидланишича, 2021 йилнинг май-июнь ойларида қариндошлар ўртасида никоҳ тузиш ҳолатлари ва унинг сабабларини ўрганиш мақсадида республиканинг 200 та туманида 6 974 та фуқаролар йиғини раислари ўртасида ижтимоий сўровнома ўтказилган.
Унда бундай оилаларнинг 25,2 фоизида зиддият ва низолар учраб тургани, 24,9 фоиз оилаларда ногирон фарзандлар борлиги, 8,9 фоиз қариндошлик асосида қурилган оилаларда муаммолар мавжудлиги ва доимий қуда-андачиликдаги келишмовчиликлар бўлаётганлиги маълум бўлган.
Аниқланишича, қариндошлар ўртасида никоҳ аксарият ҳолларда бобо-буви ёки ота-оналарнинг ташаббуси билан бўлади.
Қариндошлар ўртасида тузиладиган никоҳнинг
58,1 фоиз бобо-бувилар,
56,4 фоизи ота-оналар,
14,3 фоизи тоға-хола ва амаки-аммалар,
13,2 фоизи опа-сингиллар,
1,2 фоизи ака-укалар,
8,3 фоизи бошқа шахслар
ташаббуси билан тузилиши респондентлар томонидан аниқланган.
2021 йилнинг ўтган даврида республика бўйича 1136 та қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олди олинди. Шунга қарамай, бундай никоҳларнинг ҳанузгача ошкора ёки яширин ҳолда ноқонуний қайд этилиши ҳолатлари учрамоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг июль-сентябрь ойларида қариндош бўлган 675 нафар келин-куёвнинг никоҳлари қайд қилинган. Энг кўп қариндошлар ўртасида никоҳ қайд қилинган ҳудудлар орасида Сурхондарё (268 та) етакчи бўлган.
Маълумот учун, Оила кодексининг 16-моддасига асосан насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек, фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида никоҳ тузиш тақиқланади.