ТОШКЕНТ, 22 дек - Sputnik. Ер балансини тўғри юритиш ҳокимнинг бурчи, буни уддалай олмаган ҳоким менга керак эмас деди Шавкат Мирзиёев 21 декабрь куни ер ва кадастр ишларига бағишланган мажлисда.
Қишлоқ хўжалик ерлари: аниқ ҳисоб ва тақсимот
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон тарихида илк бор Қишлоқ хўжалик ерлари ялпи хатловдан ўтказилгани ва 23 миллион гектар қишлоқ ерларининг электрон хариталари тузилганини айтиб ўтди.
Хатлов давомида кузатилган муаммолардан бири бу – электрон ҳисобга олинаётган ерларнинг қоғоз шаклидаги ер фонди амалиёти билан фарқ қилаётгани айтиб ўтилди.
Масалан, ҳақиқатда аҳоли яшаш пунктига айланиб кетган 830 минг гектар майдон бошқа ер тоифасида ҳисобда турибди.
Шунингдек, бўш ерлар тўғрисида ҳам аниқ маълумот йўқлиги, кадастр ҳужжати бўлмагани боис 2 миллиондан зиёд оилалар уй-жойидан кўчмас мулк сифатида фойдалана олмаётгани ҳам айтиб ўтилди.
“Бир нарсани аниқ тушуниб олиш лозим. Биз келгуси йилда 80 минг гектар пахта ва ғалладан бўшаган ерларни аҳолига бўлиб беришни режа қилганмиз. Агар ернинг ҳисоби, аниқ чегараси бўлмаса, бу ишларни амалга ошириб бўлмайди", - деди Шавкат Мирзиёев.
Шу боис, мутасаддиларга қуйидаги топшириқлар берилди:
келгуси йил 1 апрелга қадар қишлоқ хўжалиги ерларини ҳисобга олиш ишларини якунига етказиш;
ер балансидаги фарқ бўйича ер майдонларининг эгаси ва аниқ тоифасини белгилаб бериш;
38 мингта субъектга тегишли ер ажратиш ҳужжатлари тўлиқ бўлмаган 1 миллион гектар майдоннинг ижара шартномаларини расмийлаштириш;
ер ажратиш тўғрисидаги барча қарорларни хатловдан ўтказиб, уларнинг эгаси, манзили ва чегарасини аниқ белгилаб, кадастр идораларига бериш;
деҳқон хўжаликларини кадастр рўйхатидан ўтказиш ишларига 20 миллиард сўм ажратиш.
"Ҳокимлар бир нарсани ўзига ёзиб олсин. Деҳқон хўжалиги учун ерлар фақат танлов асосида ушбу маҳаллада яшайдиганларга, “дафтарлар”га кирганларга, деҳқончилик тажрибасига эга бўлганларга устуворлик асосида берилади" - Президент.
Шунингдее, вилоят ҳокимларига бир ой муддатда келгуси йилда аҳолига ижарага бериладиган 80 минг гектар ерни, энг аввало, захирага қайтарган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказиб, лотларга бўлиб, танловга чиқариш топшириғи берилди.
Вазирлик ва идоралар ерлари: ё фойдалан ё балансдан чиқар
Шавкат Мирзиёев келгуси йилдан 7 та вазирлик ва идора фойдаланишида бўлган 13 миллион гектар, ҳокимликлар захирасидаги 3,3 миллион гектар ернинг электрон харитасини тузиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш шартлигини кўрсатиб ўтди.
бугунги кунда 8 минг гектар ўрмон ерларида 27 мингта турар ва нотурар объектлар мавжуд бўлгани билан, ушбу майдон ўрмон фонди ерлари тоифасидан чиқарилмаган;
43 минг километр автомобиль йўлларида ер ажратиш қарори бўлмагани боис, уларнинг чегараси ва муҳофаза зонаси қаерда бошланиб, қаерда тугаши ноаниқ;
7 минг километр темир йўллар ҳамда 820 минг гектар сув фонди ерларида ҳам шу каби муаммолар мавжуд.
Тегишли раҳбарлар келгуси йил 1 июнга қадар ҳақиқатда эгаллаб турган ерларни хатловдан ўтказиш ишларни якунлаш ва натижаси бўйича ҳисобот бериш вазифаси қўйилди.
"Ушбу тоифалардаги ерларнинг ҳисоби чиққанидан кейин ҳар бир вазирдан ўзига берилган ердан қандай фойдаланиши бўйича сўров бўлади. Уларга бюджетдан маблағ ажратиш ҳам шунга қараб бўлади. Шу боис, ушбу вазирлар ҳозирданоқ ҳисоб-китобини қилиб, ажратилган ерларда аниқ лойиҳаларни бошласин ёки ерни топширсин", - деди Президент.
Аҳоли уй-жойи жойлашган ерлар: барча хонадонлар кадастр ҳисобига олиниши керак
Республика ер балансида аҳоли уй-жойлари жойлашган ерлар 223 минг гектар бўлсада, амалда 1 миллион гектардан ошиб кетгани таъкидланди. Андижон вилояти мисолида аҳоли уй жойлари эгаллаб турган ерлар ҳужжатлардагидан 5 баравар кўп бўлиши мумкинлиги айтиб ўтилди.
Шу муносабат билан келгуси йил якунига қадар 6 миллионта кўчмас мулк объектларини “хонадонбай” хатловдан ўтказиш топширилди. Бунда, ҳар бир маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари ўз ҳудудидаги ҳолатни таҳлил қилиб, кадастр идораларига беради.
Хатлов натижаси билан бино-иншоотларнинг электрон харитаси яратилиб, аҳоли учун қулай ва очиқ-ошкора онлайн платформага жойлаштирилади.
"Ер балансини тўғри юритиш, ерни асраб-авайлаш ҳокимларнинг конституциявий мажбурияти ва асосий вазифасидир. Буни уддалай олмайдиган ҳоким менга керак эмас", - деди Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ердан фойдаланишга доир қонунларни янгилаш - энг катта ва муҳим ислоҳотлардан бири бўлди. Ўзбекистон президенти 2021 йилнинг августида имзолаган қонунга мувофиқ, республикада ерлар иқтисодий оборотга киритилади. Яъни уларни сотиш, олиш ёки гаровга қўйиш мумкин бўлади.
Иккинчидан, барча икки тоифага ажратилади: қишлоқ хўжалик ерлари ва ноқишлоқ хўжалик ерлари. Қишлоқ хўжалик ерларини сотиш мумкин эмас, фақат ижарага бериш мумкин бўлади. Ноқишлоқ ер майдонлари фақат аукцион асосида сотиш мумкин.