Қирқдан ортиқ фуқаро ишлаш учун Новосибирск шаҳрига жўнаб кетди

41 нафар фуқаро ишлаш учун Россиянинг Новосибирск шаҳрига жўнаб кетди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 дек — Sputnik. 41 нафар фуқаро ишлаш учун Россиянинг Новосибирск шаҳрига жўнаб кетди.
Пилот лойиҳа доирасида республика бўйлаб Россия Федерациясининг қатор йирик иш берувчи ташкилотлари бўш иш ўринлари учун ташкил этилаётган танловлардан муваффақиятли ўтган навбатдаги гуруҳ - 41 нафар фуқаро Новосибирск шаҳрига жўнаб кетди.
Фуқароларнинг 21 нафари Тошкент шаҳрида, 5 нафари Тошкент вилоятида, 10 нафари Сирдарё вилоятида ва 5 нафари эса Наманган вилоятида ташкил этилган танловларда иш берувчи томонидан танлаб олинган.
Тошкент халқаро аэропортида фуқаролар билан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди. Уларга тарқатма материаллар берилди.
Тиббий кўрик ва ишлаш ҳуқуқини берувчи патент учун керак бўладиган аксарият ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнлари Ўзбекистонда амалга оширилмоқда.
Россияда қурилиш соҳасида ишлаш истагида бўлган фуқаролар учун танлов жараёнлари давом этмоқда.