“Шарғункўмир” ходимларига 2,5 млрд сўмлик иш ҳақини тўлаб бермагани аниқланди

Аввалроқ ижтимоий тармоқда тарқалган хабарда корхона ишчиси оғир шароитда ишлашини, ишчилар байрам пули у ёқда турсин, маошларини ҳам олмаганини маълум қилган эди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 дек — Sputnik. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги “Шарғункўмир” АЖ ходимларига маоши берилмагани айтилган хабарга муносабат билдирди.
Ижтимоий тармоқда тарқалган хабарда корхонанинг оддий кончиси оғир шароитда ишлашини, ишчилар байрам пули у ёқда турсин, маошларини ҳам олмаганини маълум қилган эди.
Сурхондарё вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси бу бўйича ўрганиш ишлари олиб борган.
Маълум бўлишича, ҳақиқатан ҳам 15 декабрь ҳолатига кўра, "Шарғункўмир" раҳбарияти томонидан ходимларга 2,5 миллиард сўм миқдордаги ойликларини тўлаб берилмагани аниқланган.
Давлат меҳнат инспекцияси томонидан "Шарғункўмир" АЖ раҳбариятига фуқароларнинг тўланмай қолган маошини бериш бўйича ёзма кўрсатма киритилган. Ходимларнинг иш ҳақини ўз вақтида тўлашда Меҳнат кодексининг 154, 161-моддалари талабларига риоя қилиш юзасидан тушунтириш берилган.