ТОШКЕНТ, 19 дек — Sputnik. Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги “Лаззат” ошхонасида портлаш содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) матбуот хизмати хабар бермоқда.
Чақнаш 19 декабрь куни соат 14:20 да содир бўлган. Воқеа жойида 2 та пропан газ баллони бўлгани айтилмоқда.
Бунинг оқибатида ошхонанинг тахминан 40 кв.м. майдонида шифт қисми ва жиҳозлар ёнган.
Бирламчи маълумотга кўра, 10 нафар фуқаро тан жароҳати олиб, туман шифохонасига олиб борилган.
Ёнғин-қутқарув экипажи соат 14:23 да ҳодиса жойига етиб бориб, 14:29 да ёнғин қуршаб олинган. Соат 14:54 да эса ўчирилган.
Воқеа жойига вилоят ҳамда туман ФВ бўлими раҳбар ходимлари, ИИБ, прокуратура, тиббиёт, газ хизматлари ходимлари ва 2 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган.
Дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.