Ўзбекистонда фавқулодда ҳолат жорий этиш тартиби қандай

Фавқулодда ҳолат президент фармони билан Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида ёки айрим жойларида жорий этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 дек — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги Конституциявий қонунни имзолади.
Фавқулодда ҳолат фуқароларнинг ҳаётига, соғлиғига ва хавфсизлигига, конституциявий тузумга ва (ёки) ҳудудий яхлитлигига бевосита таҳдид соладиган ҳамда фавқулодда чоралар қўлламасдан бартараф этиш мумкин бўлмаган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, алоҳида ҳолларда жорий этилади.
Фавқулодда ҳолат президент фармони билан Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида ёки айрим жойларида жорий этилади.
Ўзбекистоннинг бутун ҳудудидаги фавқулодда ҳолат 30 суткадан, айрим жойлардаги фавқулодда ҳолат эса 60 суткадан ошиши мумкин эмас.
Фавқулодда ҳолатни жорий этиш мақсадларига эришилмаганда муддат узайтирилиши мумкин.
Сенаторлар фавқулодда ҳолат тўғрисидаги қонунни маъқуллашди
Фавқулодда ҳолат даврида қуйидаги чоралар ва вақтинчалик чекловлар жорий этилиши мумкин:
давлат органлари ваколатларини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриш;
ҳаракатланишга нисбатан чекловлар;
жамоат тартибини, ўта муҳим ва тоифаланган объектларни муҳофаза қилишни кучайтириш;
фаолиятнинг айрим турларини амалга оширишга чекловлар;
озиқ-овқатни ва энг зарур нарсаларни сотиш, сотиб олиш ҳамда тақсимлашнинг алоҳида тартиби;
йиғилишлар, митингларни тақиқлаш ёки чеклаш;
транспортлар ҳаракатини чеклаш.
Фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш бўйича махсус давлат бошқаруви органлари ташкил этилиши мумкин, улар жумласига қуйидагилар киради:
- Фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш бўйича давлат комиссияси;
- ҳудуд комендатураси.
Реал ташқи хавф бўлганида комендантлик соати жорий этилиши мумкин. Бунда қоидаларни бузган шахслар комендантлик соати тугагунига қадар ушлаб турилади.