Термиз вақтинчалик эмас, стратегик қарор - БМТ вакили

БМТ Афғонистон атрофида гуманитар ёрдам хаблари қурмоқда. Термиз - шимол томондан ёрдам жўнатиш учун муҳим стратегик хаб.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 дек - Sputnik. Ўзбекистоннинг энг жанубий нуқтаси, Термиз шаҳри Афғонистонга гуманитар ёрдам бериш учун муҳим транспорт-логистик нуқта деб тасдиқланди. Бу ҳақида АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида БМТ Қочоқлар иши бўйича Олий комиссарининг катта маслаҳатчиси Франк Ремус маълум қилди.
"Биз Афғонистон атрофида гуманитар ёрдам жўнатиш хаблари ташкил қилганмиз. Ана шундай хаблар Эронда, Покистонда бор. Бизга шимол томондан хаб етишмаётган эди. Ушбу нуқтаи назардан Термиз жуда қулай жойлашган. БМТ бу борада ҳамкорлик қилиш ҳақида қарор қабул қилди.
Термиз бу вақтинчалик эмас, стратегик, яъни узоқ муддатли қарор. Биз Термиз орқали ҳали кўп маротаба ҳамкорлик қиламиз", - деди Франк Ремус.
Шунингдек, БМТ вакили Термиз хаби орқали Афғонистонга иккита юк машинасида гуманитар ёрдам жўнатилганини маълум қилди. Уларнинг аксарияти ошхона идишлари ва пластик қопламалар(листлар).
Булар биринчи навбатда Афғонистоннинг ички қочоқлари учун мўлжалланган. Бугунги кунда у ерда ўз уйини ташлаб кетиб қочоқлар лагерларида яшаётганлар сони 3,5 миллионга яқин.

"Олдинда қиш, лекин бизнинг Мозори Шарифдаги омборхоналаримиз бўшаб қолган. Шу сабабли биз январда кўпроқ юк жўнатишимиз керак", - деди Ремус.

Матбуот анжуманида сўзга чиққан Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев Ўзбекистон БМТнинг Қочоқлар иши қўмитаси билан бундан 27 йил олдин Афғонистондан тожик қочқинларни қутқариш вақтида ҳамкорлик қилганини эсга олди.
"Ўшанда ҳам Термиз Афғонистонга ёрдам хабига айланган эди. Термизда БМТнинг қочқинлар иши қўмитаси ва Озиқ-овқат қўмитаси ваколатхонаси фаолият юритган эди", - деди Эргашев.
Шунингдек, Ўзбекистон президентининг махсус вакили, олдин Афғонистонда хизмат қилган АҚШнинг бир қатор харбий қўмондонлари президент Жо Байдендан Афғонистоннинг музлатиб қўйилган маблағларини озод қилишни сўраётганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Россия президенти Владимир Путин ҳам 21 октябрь куни бўлиб ўтган Валдай форумида сўзлаган очиқ мурожаатномасида АҚШ ва Афғонистонда 20 йил давомида ҳарбий фаолият олиб борган мамлакатлардан Афғонистоннинг музлатиб қўйилган маблағларини эркинлаштиришни сўраган эди. "Афғон халқига ўз ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилишга имкон беринг", деган эди Россия президенти.