Ўзбек-хитой вакцинаси "омикрон"дан ҳимоя қиладими?

Олимлар айтишига кўра, ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси ўлимдан - 100%, "дельта-штамм"дан - 80% даражасида самарадорлик намойиш қилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 дек — Sputnik. Коронавируснинг янги "омикрон" штамми дунёда шахдам қадамлар билан тарқалиб келаётган бир вақтда Хитой компанияси ўз вакцинасининг янги "омикрон" штаммига қарши самарадорлигини маълум қилди. РИА Новости хабарига асосан.
Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical компанияси ўтказган лаборатория синовларига кўра, компаниянинг рекомбинант вакцинаси коронавируснинг "омикрон" штаммига қарши "юқори самарадор" деб топилган.

"Халқаро кўпмарказли изланишларнинг учинчи босқичи бизнинг рекомбинант вакцинамизнинг коронавирус инфекциясига қарши 81,43 % самарадорлик даражасини намойиш қилди. Шунингдек, вакцина (ZF-UZ-VAC 2001) ўлимдан - 100%, "дельта-штамм"дан - 80% даражасида самарадорлик намойиш қилди", - дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Хитойнинг Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical компанияси Узбекистонни вакцина ишлаб чиқаришда қўшган ҳиссаси учун - ҳаммуаллиф деб тан олган ва Ўзбекистонга ушбу вакцинани махсус шартлар асосида етказиб беришга рози бўлган.
Бугунги кунда ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси Ўзбекистон ҳудудида энг кўп қўлланилаётган вакцина ҳисобланади. Ушбу вакцинадан Ўзбекистонга салкам 38 млн доза олиб келинган.
Ўзбекистонлик шифокорлар кузатувига кўра ZF-UZ-VAC 2001 - инсон организмига жуда юмшоқ таъсир қилади ва шу вақтга қадар деярли бирорта ҳам салбий реакция бериш ҳолатлари кузатилмаган. Шу билан бирга коронавирус инфекциясига қарши юқори самарадорлик намойиш қилган.

"Омикрон" штамми

Илк бор 11 ноябрь куни Ботсванада аниқланган "омикрон" штмми ундан сўнг ЖАРда,кейин Гонконг ва бошқа давлатларга тез тарқалиб кетган эди. Бугунги кунда "омикрон" штамми дунёнинг 63 мамлакатида аниқланган.
Ҳозиршга қадар ўтказилган изланишлар натижасида омикрон штаммининг ўта юқумлилиги, коронавируснинг бошқа штаммларидан устун келиши аниқланган. Масалан ЖАРда "омикрон" пайдо бўлганидан сўнг бир ой ичида "дельта" штаммни сиқиб чиқарган.
Россиялик вирусологларнинг дастлабки хулосасига кўра "омикрон" штамми "табиий вакцина" бўлиши мумкин. Чунки коронавируснинг ушбу штамми билан касалланганларда касалликнинг оғир кечиши ёки ўлим ҳолатлари жуда кам учрайди. Лекин "омикрон"га чалиниб кейин тузалганларда коронавируснинг бошқа штаммларига қарши иммунитет пайдо бўлади.