ТОШКЕНТ, 8 дек – Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Конституция қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан табриклади. Табрик матни давлат раҳбари сайтида чоп қилинди.
Мирзиеёвнинг таъкидлашича, бугунги шиддатли давр замонга мос ҳаракат ва ўзгаришларни талаб этмоқда. Ана шундай талабга жавоб берадиган мукаммал Конституцияга эга бўлиш учун Асосий қонуннинг янги лойиҳасини тайёрлаш, уни умумхалқ муҳокамасига қўйиб, билдирилган таклифлар асосида такомиллаштириш зарур.
“Ушбу муҳим сиёсий ҳужжатни 2022 йил Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллик байрами нишонланадиган кунларда қабул қилиш, ўйлайманки, миллий давлатчилик анъаналаримизга, халқимиз манфаатларига муносиб иш бўлади”, - дейилган табрик матнида.
Давлат раҳбари Конституцияга киритиш таклиф этилаётган ўзгартиришларни санаб ўтди:
илгари амал қилиб келган "давлат — жамият — инсон" тамойилини "инсон — жамият — давлат" деб ўзгартириш, уни миллий қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётда мустаҳкамлаш;
иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш;
"Жамият — ислоҳотлар ташаббускори" деган эзгу ғоя доирасида Асосий қонунда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаш;
Бош қомусда оила институтини ривожлантириш, эзгу инсоний қадриятларни келгуси авлодларга безавол етказиш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш бўйича конституциявий асосларни белгилаш;
ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлаш мақсадида ёшлар соҳасидаги давлат сиёсати, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи, уларнинг ҳуқуқ ва бурчларини конституциявий даражада акс эттириш;
"Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат" тамойилини конституциявий қоида сифатида муҳрлаш;
инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимнинг самарасини ошириш мақсадида Конституцияда болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш масалаларини акс эттириш;
Конституцияга экологияга оид махсус боблар киритиш;
Учинчи Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси бўлмиш боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш масалаларини конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш.
“Албатта, Конституцияни янгилашдек ғоят муҳим, стратегик вазифани ҳал этишда биз етти марта эмас, етмиш марта ўйлаб, халқимиз билан ҳар томонлама маслаҳатлашган ҳолда, юртимиз ва жаҳондаги илғор тажрибаларни чуқур ўрганиб, аниқ қарор қабул қилишимиз зарур”, — дейилади президент табригида.
Мирзиёев бу борада Олий Мажлис палаталари, депутат ва сенаторлар, нуронийлар, хотин-қизлар, ёшлар жамоатчилиги, ҳуқуқшунос ва сиёсатшунос олимлар, илм-фан намояндалари, ижодкор зиёлилари, бутун халқ бу масалада ўзининг аниқ фикр ва қарашларини билдиришига ишонишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, 6 ноябрь куни иккинчи муддатга президент сифатида қасамёд қабул қилган Шавкат Мирзиёев ўз нутқида мамлакатда конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш хусусида тўхталган эди.