Деновдаги портлаш қурбонлари сони ортди

Деновдаги портлаш оқибатида қулаб тушган савдо мажмуаси вайроналари остидан яна бир жасад топилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 дек – Sputnik. Сурхондарё вилояти Денов шаҳридаги портлашда ҳалок бўлганлар икки нафарга етди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, қидирув-қутқарув ишлари давомида иккинчи ҳалок бўлган фуқаро топилган.
7 декабрь куни соат 03:57 Деновдаги 2 қаватли “Инденим” савдо мажмуасида чақнаш рўй берди. Бунинг оқибатида 9 нафар фуқаро тан жароҳати олган бўлиб, улар шаҳар шифохонасига ётқизилган. Вайрона остида олиб борилган қидирув ишларида бир нафар ҳалок бўлган фуқаро аниқланган.
Деновдаги портлаш: вайроналар остидан бир кишининг жасади топилди
Ҳодиса жойига Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигидаги Ҳукумат комиссияси сафарбар этилган.
Ҳукумат комиссияси таркибига ИИВ, ФВВ, Миллий Гвардия, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа идоралар вакиллари киритилган.
Дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.