Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга оид қонун тайёрланди

“Ҳимоя ордери” чекловларини бузганлик учун жарима миқдори оширилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 дек — Sputnik. ИИВ “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2061-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини тайёрлади.

“Қонун лойиҳаси билан хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ўтказилишининг олдини олиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 2061-моддасининг санкциясида белгиланган жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорида оширилиши назарда тутилмоқда”, - дейилган ҳужжатда.

Ҳужжатда қайд этилишича, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга давлат ҳимоясини тақдим этувчи, уларга тазйиқ ўтказаётган ёки зўравонлик содир этаёган шахсларга нисбатан таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳимоя ордери берилишига қарамасдан тазйиқ ва зўровонликка учраган хотин-қизлар сонининг камайишига эришилмади.
Самарқанд вилоятида "тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш ойлиги" эълон қилинди
2020 йилда хотин-қизларга 14 774 та ҳимоя ордери берилган бўлса, 2021 йил 10 ойда бу кўрсакич 26 105 тани ташкил этди. Шунингдек, тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаслик бўйича
903 та ҳолат аниқланди.
Шунингдек, жорий йил 10 ойи давомида ҳимоя ордерлари зўравонлик ўтказган шахсларга нисбатан 403 та ҳолатда узайтирилган бўлса, 613 та такроран тазйиқ ва (ёки) зўравонлик содир этган шахслардан жабр кўрганларга ҳимоя ордерлари расмийлаштириб берилди.