ТОШКЕНТ, 6 дек – Sputnik. Жорий йил 9 ойда мансабдорларнинг жинояти оқибатида давлат ва жамият манфаатига 658 млрд сўм моддий зарар етказилган. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зуҳра Шодиева маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, депутатлар “Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилишган.
Статистика бўйича мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 2018 йилда 556 млрд, 2019 йилда 1,858 трлн, 2020 йилда 500,1 млрд, 2021 йилнинг 9 ойида 658 млрд сўм моддий зарар етказилган.
Юқоридаги қонун лойиҳаси билан мансабдор шаҳсларга нисбатан чоралар кучайтирилмоқда. Яъни “Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш”, “Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш”, “Ҳокимият ҳаракатсизлиги”, “Мансаб сохтакорлиги” ва “Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги” жиноятлар агар “ғаразгўйлик” ниятида содир этилса, коррупциявий жиноят ҳисобланиши белгиланиб, мазкур ҳаракатлар учун оғирроқ жазолар белгиланяпти.
Шунингдек, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш учун ҳукм қилинган, бироқ жиноят оқибатида етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга ҳамда порахўрлик билан боғлиқ жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш татбиқ қилинмаслиги назарда тутилмоқда.
“Пора олиш”, “пора бериш” ва “пора олиш-беришда воситачилик қилиш” қилмишлар учун Жиноят кодексининг тегишли моддаларининг учинчи қисми санкцияси оғирлаштирилиб, 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.