ТОШКЕНТ, 6 дек – Sputnik. Дунёда коронавируснинг янги омикрон штаммидан ҳозирча бирорта ҳам ўлим ҳолати қайд этилмади. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) хабар бермоқда.
ЖССТнинг соғлиқ сақлаш соҳасидаги фавқулодда ҳолатлар бўйича дастури директори Майкл Райаннинг аниқлик киритишича, ташкилотга янги штаммнинг юқумлилик даражаси ва касалликнинг оғир шаклини келтириб чиқаришини аниқлаш учун ўрганишга яна бир неча ҳафта керак бўлади.
Ташкилот омикрон бошқа штаммларни сиқиб чиқариб, яқин кунларда Европадаги асосий штамм бўлиши мумкинлигини истисно қилмаган.
Аввалроқ Гамалея номидаги марказ вирусологи Анатолий Альтштейн пандемия омикрон штамм билан якунланиши мумкинлигини тахмин қилган эди. Шунингдек, у коронавируснинг бу штамми, дастлабки маълумотларга кўра, ўлим борасида хавфсизроқ эканини таъкидлаган эди.