Туркияда Эрдоған иштирокидаги митингда терактнинг олди олинди

Туркияда президент иштирокидаги митингда портлаши мумкин бўлган бомба зарарсизлантирилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 дек — Sputnik. Туркия хавфсизлик кучлари ходимлари мамлакат президенти Режеп Таййип Эрдоған иштирокидаги митингда портлаши мумкин бўлган бомбани аниқлаб зарарсизлантиришди, деб хабар бермоқда РИА Новости.
Масофадан бошқариладиган портловчи қурилма Туркия жануби-шарқидаги Сиирт шаҳрида портлаши мумкин бўлган.
Мамлакатнинг ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси раҳбари ўринбосари Ҳамза Дагнинг сўзларига кўра, бомба Мардинда ишловчи полиция ходими автомобилининг остига ўрнатилган. Бомбани полициячи Сииртга келган вақтда портлатишни режалаштиришган.
“Улар митингни бузишмоқчи бўлишган. Осуда муҳитни барбод қилишга уринаётганлар бор”, - деган Ҳамза Даг маҳаллий телеканалларидан бирига.
Қурилма машинани кўздан кечириш пайтда аниқланган ва уни сапёрлар зудлик билан зарарсизлантиришган. Гумондорлар қидирилмоқда.
Туркияда ҳам Эрдоған тарафдорлари, ҳам унга қаршиларнинг митинглари бўлиб ўтмоқда. Митинг мамлакат миллий валютаси лиранинг кескин қадрсизланиши ортидан бўлиб ўтмоқда. Мухолифат президент истеъфосини талаб қилмоқда.
Эрдоған Сииртдаги митингда чиқиш қилаётиб, унинг митингига мухолифатникига қараганда кўпроқ киши келганини айтди. У фуқароларни миллий иқтисодиётга бўлган ишончини йўқотмасликка чақириб, вазиятни тез орада изга солишга ваъда берди.
Турк лираси йил бошидан буён бир доллар учун 7,4 лирадан 13,9 лирагача қадрсизланди. Мамлакат Марказий банкининг 18 ноябрь куни асосий ставкани 16 фоизга 15 фоизгача пасайтириш қарори Туркия валютаси курсининг тушиб кетишига олиб келди.