ТОШКЕНТ, 5 дек — Sputnik. Ўзбекистонда ҳайдовчини суратга олиш имкони бўлган янги алкотестерлардан фойдаланиш бошланди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси (ЙҲХББ) матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ҳозир Алcостоп 8000С 150 дона янги намунадаги алкотестер республика бўйлаб ЙПХ ходимларига тарқатилган.
Мослама актив ҳамда пассив режимларда ишлатилади. Пассив режимда ҳайдовчи тўхтатилган пайтда ЙПХ ходими алкотестернинг пуфлаш томонини ҳайдовчига қаратади ва 5—10 сантиметр масофада ҳайдовчининг оғзидан чиққан этанол буғлари орқали унинг алкоголь ичимлик истеъмол қилгани ёки йўқлиги маълум бўлади.
Шундан сўнг ҳайдовчининг мастлик ҳолатида экани ёки маст эмаслигини аниқлаш учун қурилма актив режимга ўтказилади. Бу режимда мастлик ҳолатини текшириш жараёнида қўлланиладиган бир марталик ускунадан фойдаланилади. Алкотестерда камера бўлиб, пуфлаш жараёнида ҳайдовчининг юз қисмини тасвирга олади ва чекда акс эттиради.
Агар ҳайдовчининг оғзидан чиққан этанол буғларнинг концентрация кўрсаткичи 0,135 миллиграм ва ундан юқори бўлса, у маст деб топилади ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси (транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш) тартибида баённома расмийлаштирилади.