ТОШКЕНТ, 4 дек - Sputnik. Таниқли дубляж актёри, барчага яхши таниш бўлган овоз соҳиби Санжар Саъдуллаев вафот этди, деб хабар қилмоқда. Ўзбекистон Маданият вазирлигининг телеграм канали.
"Таниқли дубляж актёри, соҳир овоз соҳиби, ўзининг ширали овози билан киномухлислар меҳрини қозонган, камтарин ва фидойи ижодкор Санжар Саъдуллаев 4 декабрь куни 67 ёшда вафот этди", - дейилган хабарда. Маданият вазирлиги актёрнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдиришини маълум қилган.
Санжар Саъдуллаев 1954 йил 10 июль куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. У Тошкент давлат театр ва санъат олийгоҳининг "Драма ва кино актёри" бўлимини тамомлаган. У дубляждаги фаолияти давомида ўзига хос дубляж мактабини яратиб, юзлаб фильм ва сериалларга овоз берган.
Санжар Саъдуллаев "Эсмеральда", "Қиш сонатаси", "Ишкомли уй", "Ичкарида" сериаллари "Девор", "Вира ва Зара" "Ишқ риштаси" ҳинд фильмларида бош қаҳрамонларга овоз берган.
"Холис фикр" телеграм канали ёзишига кўра, Санжар Саъдуллаев узоқ вақт давомида "бирор марта томошабинга кўриниш бермаган, суратлари ҳеч қаерда эълон қилинмаган. Интервью олмоқчи бўлган журналистларга эса рад жавобини бериб келган". Қўйида ушбу инсон билан эҳтимол ягона интервью билан танишишингиз мумкин.