Жанубий Кореяда Ўзбекистон фуқаросида "омикрон" штамми аниқланди

Касаллик аниқланмасидан бир кун олдин Ўзбекистон фуқароси ичида 400 киши бўлган диний муассасага ташриф буюрган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 дек — Sputnik. Жанубий Кореяда ишлаётган Ўзбекистон фуқаросида коронавируснинг янги "омикрон" штамми аниқланди, деб хабар қилмоқда маҳаллий The Korea times нашри.
Маълум бўлишича, Ўзбекистон фуқароси аэропортда Нигериядан келган оилани кутиб олиб, уларни уйига олиб бориб қўйган. 29 ноябрь куни уларнинг уччовида ҳам COVID-19 нинг "омикрон" штамми аниқланган
Корея ҳукумати хабарига кўра, Нигериядан келган 2 нафар фуқаро ва Ўзбекистон фуқароси ўтган вақт ичида 270 киши билан контактда бўлган. Ўзбекистон фуқароси касаллик аниқланмасидан бир кун олдин ичида 400 киши бўлган диний муассасага ташриф буюрган. Ушбу муносабат билан ҳукумат муассасада бўлган барча фуқароларга тиббий кўрикдан ўтишни тавсия берган.
Эслатиб ўтамиз, Жанубий Кореяда "омикрон" штамми илк бор декабрь ойиинг бошида аниқланган эди. Ундан сўнг Ҳиндистонда ҳам аниқланган. Бугунги кунда "омикрон" штамми аниқланган давлатлар сони 30 дан ошган.
ЖССТ маълумотига кўра, янги штамм жуда кўп мутация қилишга қодир ва шу сабабли унинг юқумлилик даражаси юқори. Ундан ташқари мутациялар натижасида омикрон-штамм эмланган ва антитаначалари мавжуд бўлган фуқароларга ҳам юқориши мумкин.