ТОШКЕНТ, 2 дек – Sputnik. Тошкент вилоятида аҳолини коронавирусга қарши қўшимча (бустер) доза билан эмлашда Россиянинг “Спутник Лайт” вакцинасидан фойдаланилмоқда. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати хабар бермоқда.
Вилоятнинг Юқори Чирчиқ туманида жойлашган “Ариран” пансионатида 26 нафар 65 ёш ва ундан юқори фуқаро бустер доза сифатида “Спутник Лайт” билан эмланган.
Таъкидланишича, коронавирусга қарши бустер доза билан эмланиш ҳақида республиканинг барча ҳудудларида кенг кўламли тушунтириш ишлар олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкент шаҳрида коронавирусга қарши “Спутник Лайт” вакцинаси билан эмлаш бошлагани хабар қилинган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 17 ноябрдан тўлиқ эмланган фуқароларни бустер (қўшимча) доза билан ихтиёрий эмлаш бошланган.