ТОШКЕНТ, 2 дек — Sputnik. Россия бош вазири Михаил Мишустин Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)нинг аъзолари ва шериклари учун салоҳиятни баҳолади.
ЕОИИ халқаро майдонда ўз нуфузини фаол оширмоқда. Ташкилот ҳамкорларга таклиф қиладиган нарсаси бор. Иқтисодий бирлашманинг умумий салоҳияти кенг кўламли масалаларни муҳокама қилиш имконини беради, - деди бош вазир.
“Вьетнам, Эрон, Сингапур, Сербия билан олтита эркин савдо тўғрисида келишувимиз ва Хитой билан иккита шартномамиз бор”, - деди Мишустин II Евроосиё конгрессида.
Айни вақтда Миср, Исроил ва Ҳиндистон билан савдони эркинлаштириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Мишустин ЕОИИда кузатувчи-давлат мақомини олган Ўзбекистон ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
“Ўзбекистон ва Куба кузатувчи-давлат мақомларидан кенг фойдаланмоқда. Улар Евроосиё иқтисодий комиссияси билан ўзаро ҳамкорликни сезиларли даражада фаоллаштирди ва савдо-иқтисодий муносабатларни чуқурлаштириш учун янги имкониятлар олди”, - деб қўшимча қилди Россия бош вазири.
Буларнинг барчаси ЕОИИга ўсиш ва ривожланиш учун қўшимча истиқболларни беради.
Бош вазир йил якунлари ҳақида гапирар экан, иттифоқ учун йил яхши кўрсаткичлар билан якунланаётганини алоҳида таъкидлади.
"”Бешлик” давлатлар коронавирус тарқалиши оқибатларини енгиб ўтмоқда. Биз йилни пандемиядан олдинги даражадан ошган яхши кўрсаткичлар билан якунламоқдамиз. Евроосиё тараққиёт банки ҳисоб-китобига кўра, жорий йилда ЕОИИ ялпи ички маҳсулоти 4 фоизга ўсади”, - деди Мишустин.
Унинг сўзларига кўра, интеграция жараёнларида эришилган темпни сақлаб қолиш ва янги муваффақиятларга эришиш учун мувофиқлаштирилган ҳаракатлар зарур.
"Товарлар, хизматлар, инвестициялар ва ишчи кучи ҳаракати йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш орқали биз турли соҳаларда қўшма ташаббуслар учун янги имкониятлар яратмоқдамиз", - деб таъкидлади Мишустин.
Айни вақтда ЕОИИ аъзолари - Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Беларус ва Арманистон. Кузатувчи-давлатлар – Ўзбекистон, Молдова, Куба.
Ўзбекистон барча очиқ тадбирларда ва муҳокамаларда иштирок этиш имкониятига эга, бу эса бу иттифоққа кейинги интеграция тўғрисида якуний қарор қабул қилишга имкон беради.