ТОШКЕНТ, 2 дек — Sputnik. Москва коммунал хизматлари соҳасида мигрантлар сони 40 фоизга камайди – 100 мингдан 60 минггача.
Бу ҳақда Москва мэрининг уй-жой коммунал хўжалиги ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Пётр Бирюков маълум қилди.
"Агар авваллари ишчиларимиз орасида мигрантлар сони 100 мингга етган бўлса, ҳозир 60 мингга яқин. Нафақат мигрантлар, балки саноатда банд бўлганларнинг умумий сони ҳам камайди - 600 мингдан 450 минггача", - деди Бирюков.
Унинг сўзларига кўра, бунга 3та чора: янги технологияларни қўллаш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва иш жараёнларини ташкил этиш эвазига эришилди.
Бугунги кунда мигрантлар нафақат дворник, балки чилангар, маляр бўлиб ҳам ишламоқда, улар учун барча зарур яшаш шароитлари яратилган, деди Бирюков.
Улар ҳар жиҳатдан қулай шаҳарчаларда истиқомат қилади ва улар тиббий ёрдам билан таъминланган.
Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда машина ва асбоб-ускуналар улуши юқори бўлганлиги сабабли янги касб-ҳунарларни ўрганишга тайёр бўлган ходимларга эҳтиёж сезилмоқда.