Ўзбекистон ва Афғонистон қатор соҳалардаги йирик лойиҳаларни муҳокама қилди

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Кобулда Афғонистон Муваққат ҳукумати вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 дек – Sputnik. Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев бошчилигидаги делегация Кобул шаҳрига ташриф буюриб, Афғонистон Муваққат ҳукумати вакиллари билан учрашувлар ўтказди.
Мамлакат ТИВ хабарига кўра, хусусан, Афғонистон Вазирлар маҳкамаси раҳбарияти, Ташқи ва Ички ишлар, Жамоатчилик, Энергетика ва Иқтисодиёт вазирликларида музокаралар олиб борилган. У ердаги мавжуд вазият муҳокама қилинган.
“Афғонистон халқига инсонпарварлик ва бошқа ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлар, энергетика ва транспорт соҳаларида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди”, - дейилган хабарда.
Афғонистон томони Ўзбекистон ташаббуси билан бошланган Сурхон – Пули-Хумри электр узатиш линияси ва Мозори Шариф-Кобул-Пешовар темир йўли қурилиши каби инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни имкон қадар тезроқ бошлашга тайёрлигини тасдиқлади.
Ўзбекистон томонидан электр энергиясини узлуксиз етказиш, Ўзбекистон-Афғонистон давлат чегараси иш тартибини давом эттириш, Мозори Шариф халқаро аэропорти фаолиятини тиклашга кўмаклашиш, инсонпарварлик ёрдамини ўз вақтида кўрсатиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга юқори баҳо берилди.
“Афғонистон вакиллари Ўзбекистон томонини Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатларига, умуман, бутун дунёга заррача таҳдид ҳам ҳеч қачон ушбу давлат ҳудудидан келмаслигига ишонтирди”, - дейилган хабарда.
Афғонистоннинг янги ҳукумати Ўзбекистон билан биргаликда икки мамлакат халқларининг буюк аждодлари – Алишер Навоий (Ҳирот), Заҳириддин Бобур (Кобул), Абу Райҳон Беруний (Ғазна) ва Бобораҳим Машраб (Тахор) қўним топган масканларда ободонлаштириш ишларини олиб боришга тайёрлигини билдирди. Мамлакат мактаблари ва олий ўқув юртларида ўзбек тилини ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Толиблар Ўзбекистон савдо-сотиғига халақит беряптими?

Толибларнинг Афғонистон ҳукуматини эгаллаб олиши

Август ойи ўрталарида "Толибон"* аъзолари мамлакат пойтахти Кобулга бостириб кириб, президент саройини эгаллаб олишди.
31 августга ўтар кечаси АҚШ ҳарбийлари Кобул аэропортини батамом тарк этишди ва бу билан Афғонистондаги қарийб 20 йиллик америка кампанияси ўз якунига етди.
Толиблар Афғонистоннинг муваққат ҳукумати таркибини эълон қилди.
Муваққат ҳукуматни "Толибон"* биринчи бор ҳукумат тепасига келганида ТИВ раҳбари курсисини эгаллаган ва ҳозирга қадар БМТ санкциялари остида қолиб келаётган Муҳаммад Ҳасан Охунд бошқариши маълум бўлди.
* Ташкилот террорчилик фаолияти учун БМТ санкциялари остида.