Мирзиёев Россия Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари билан учрашув ўтказди

Мирзиёев Россия Федерал хавфсизлик хизмати раҳбарини қабул қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 дек — Sputnik. 1 декабрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев республикада амалий ташриф билан бўлиб турган Россия Федерацияси Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортниковни қабул қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев принял директора ФСБ России Александра Бортникова
Учрашув аввалида Александр Бортников давлат раҳбарига Россия президенти Владимир Путиннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. 19 ноябрь куни Москва шаҳрида ўтган олий даражадаги икки томонлама учрашувнинг самарали натижалари юксак баҳоланди.
Хавфсизликка замонавий таҳдидларга, шу жумладан терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчилик, кибержиноятлар, наркотрафик ва бошқа хавф-хатарларга қарши курашишда икки мамлакат ваколатли органлари ўртасидаги мунтазам алоқаларни давом эттириш ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Афғонистонда вужудга келаётган ҳолатдан келиб чиқиб минтақадаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилди.