ТОШКЕНТ, 30 ноя – Sputnik. Тиббиёт муассасаларидаги ортиқча қоғозбозликни бартараф этиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигида тузилган ишчи гуруҳ ўрганишлар олиб борилмоқда.
Вазирликда Тошкент шаҳридаги бир гуруҳ тиббиёт ходимлари билан учрашувда қоғозбозлик билан боғлиқ ҳолатлар муҳокама қилинган. Амалиёт учун фойдали бўлмаган, ортиқча оворагарликларни келтириб чиқараётган ҳужжат ва ҳисобот шаклларини қайта кўриб чиқиш ҳамда қисқартириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилган.
Маълум бўлишича, шифокор ва ҳамширалари ҳозир 26 турдаги журналлар, 33 турдаги ҳисобот шакллари ҳамда беморларга бериладиган ўнлаб турдаги бланкаларни тўлдиришга мажбур бўлмоқда.
Масалан, “Тиббиёт ходимларининг жароҳат ҳолатларини қайд қилиш журнали"га нохуш вазиятлар юз бермаса, ойлаб, ҳатто йиллаб эҳтиёж бўлмаслиги мумкин. Лекин ҳамшира ана шу ҳужжат турига ҳар куни “Бугун кўнгилсиз ҳолатлар содир бўлмади” деган мазмундаги қайдларни киритиб бориши шарт.
“Ваҳоланки, шифокорнинг энг асосий вазифаси одамларга шифо улашишдан иборат. У бунинг учун ҳар бир беморга ўртача 15 дақиқа вақт ажратиши керак. Бироқ амалда шундан маълум қисми ҳужжат тўлдиришга сарфланмоқда”, - дейилади ССВ хабарида.
Бирламчи бўғин ходимлари “Амбулатор-поликлиника муассасасига келганларни қайд этиш журнали” ҳам ортиқча, деган фикрда. Чунки ходимнинг уни тўлдириб ўтириши узундан узоқ навбатларни юзага келтириши мумкин. Бу эса одамларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Қолаверса, беморлар қабул бўлимидан рўйхатдан ўтгач, шифокор ҳузурига кириш учун яна рўйхатга ёзилиши зарур.
Ушбу ҳолатларни бартараф этиш учун айни пайтда ССВ тузилган ишчи гуруҳ томонидан ўрганишлар олиб борилмоқда.