ТОШКЕНТ, 30 ноя — Sputnik. “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги масъуллар ва “Газмпробанк” АЖнинг Алексей Матвеев бошчилигидаги делегация аъзолари ўртасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
“Газпромбанк” АЖ билан ҳамкорлик доирасида стратегик инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун қарийб 1,1 миллиард доллар миқдорида банк кредити жалб қилинган. Учрашувда “Ўзбекнефтгаз” АЖ лойиҳаларни молиялаштириш истиқболлари ва келгусидаги ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.
Дунёдаги йирик корхоналар рўйхатида (йўналиши бўйича) 6-ўринда эътироф этиладиган “Шўртан газ-кимё мажмуаси” тозаланган метан асосида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш лойиҳасини молиялаштириш мақсадида Хитой, Россия ва Корея банкларидан 2,3 млрд доллар миқдорида кредит маблағлари, жумладан, “Газпромбанк” дан олинган кредитлар – 120 млн долларни ташкил этади.
“Газпромбанк” молиявий маслаҳатчи сифатида фаолият кўрсатди: у лойиҳанинг молиявий моделини танлашда муҳим рол ўйнаган, Хитой ва Корея банклари билан музокараларда ва кредит шартномаларини тузишда фаол иштирок этди.
GTL лойиҳасининг мантиқий давомига айланган “Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш лойиҳаси” доирасида 280 минг тонна полиетилен, 100 минг тонна полипропилен ва 50 минг тонна пирол дистиллатни ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш учун 430 минг тонна миқдорида синтетик нафта қайта ишланади.
Учрашув якунлари бўйича янги истиқболли газ-кимё лойиҳалари, шартномаларни банк томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш, шунингдек, ушбу соҳадаги тажрибани ўрганиш бўйича ҳамкорлик нуқтаи назаридан истиқболли ҳамкорлик йўналишларини ўрганиш, зарур маълумотлар алмашишга қарор қилинди.