ТОШКЕНТ, 29 ноя — Sputnik. Абу-Дабида бўлиб ўтган “Катта Дубулға” турнирида ўзбекистонлик дзюдочилари 2та медални қўлга киритди.
-73 кг вазн тоифасида дзюдочи Ҳикматиллоҳ Тўраев мусобақанинг кумуш медали билан тақдирланди. Ҳикматиллоҳ мусобақадаги иштирокини иккинчи даврадан бошлади ва саудиялик Абдуллоҳ Ҳамадни иппон баҳоси билан таслим қилди.
У чорак финалда тожикистонлик Сомон Маҳмадбековни ҳам иппон баҳоси билан мағлуб этди. Тўраев финал чиптаси учун кечган беллашувда Лондон-2012 Олимпиадасининг олтин, Рио-2016да кумуш ҳамда Токио-2020 Олимпия ўйинларида бронза медалига сазовор бўлган грузиялик Лаша Шавдатуашвилидан устун келди. Баҳс деярли 10 дақиқа давом этди.
Бироқ, Тўраев олтин медал учун кечган финал баҳсида мўғулистонлик Цогтбаатар Ценд-Очирга имкониятни бой берди. Натижада Тўраев Абу-Даби “Катта Дубулға” турнирининг кумуш медали ҳамда 700 рейтинг очкосига эга бўлди.
Кечаги баҳсларда татамига чиққан спортчилардан биргина Токио-2020 Олимпиадаси совриндори Давлат Бобонов муваффақиятли иштирок етди. У аввалига ¼ финалда тожикистонлик Жаҳонгир Мажидовни қўшимча дақиқаларда иппон баҳоси эвазига мағлубиятга учратди. Бироқ, Бобонов ярим финалда россиялик Мансур Лорсановга қарши татамига чиқди ва қўшимча дақиқалардаги вазари эвазига имкониятни бой берди.
Дзюдоист Давлат Бобонов завоевал бронзовую медаль на Олимпийских играх в Токио-2020
© AFP / JACK GUEZ
Бронза медали учун кечган баҳсда эса Давлат франциялик Франсис Дамиерга қарши татамига чиқди ва рақибини иппон баҳоси билан мағлубиятга учратди. Бу ғалаба эвазига Бобонов бронза медали билан бирга 500 рейтинг очкосини ҳам қўлга киритди.
Шу тариқа, дзюдо бўйича мавсумнинг сўнгги турнирида Ўзбекистон терма жамоа аъзолари биттадан кумуш ва бронза медалига сазовор бўлишди.