ТОШКЕНТ, 29 ноя - Sputnik. Москвадага Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси (ВДНХ) боғининг 57-павильонида Иккинчи Евроосиё Конгресси бўлиб ўтади. Тадбир Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) томонидан Россия ҳукумати кўмагидаги ташкил қилинмоқда.
Тадбир давомида иштирокчилар транспорт ва логистика, сув-энергетика комплекси, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги асосий инфратузилмавий давлатлараро лойиҳаларни, шунингдек, “яшил”молиялаштириш ва давлатлар рақамли трансформацияси механизмларини муҳокама қилади.
Евроосиё Конгресси - давлат органлари, бизнес, илмий ва эксперт ҳамжамиятлари вакилларининг Евроосиё минтақасини ривожлантириш масалалари бўйича очиқ мулоқотлари, шунингдек, миллий иқтисодиётлар фаровонлигини ошириш ва ривожлантириш мақсадида мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик учун платформа ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил декабрь ойи бошида Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ҳузурида кузатувчи давлат мақомини олган эди. Май ойида Президент Шавкат Мирзиёев Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши доирасида Тошкент иттифоқ аъзолари билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ЕОТБ билан яқин ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги 2021 йил сўнгигача Евроосиё тараққиёт банкининг республикада ваколатхонасини очиш нияти борлигини маълум қилди.
Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) халқаро молиявий институт бўлиб, 15 йилдан буён Евроосиё майдонида инвестицион фаолиятини олиб боради. Банк портфелининг асосий улушини транспорт инфратузилмаси, рақамли тизим, яшил энергия, қишлоқ хўжалиги, саноат ва машинасозлик соҳаларидаги интеграция эффектига эга лойиҳалар ташкил этади.