Янги “Газли-Когон” қувури қўшимча 25 млн м3 газ етказиб беради

Узунлиги 140 км га тенг янги "Газли-Когон" газ қувури Тошкент, Жиззах, Сирдарё ва Фарғона водийсига суткасига қўшимча 25 млн м3 газ етказиб беради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 ноя—Sputnik. Ўзбекистон ҳукумати “Газли-Когон” газ қувурлари тўртинчи тармоғи курилиши бошланди, деб хабар қилмоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Умумий узунлиги 140 км бўлган янги газ қувури табиий газни Республика шимолидан Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилояти ҳамда Фарғона водийсига газ етказиб бериш учун хизмат қилади. У ишга тушганидан сўнг тармоқнинг газ ўтказувчанлик қуввати суткасига қўшимча 25 млн. куб метрга ошади.
Айни дамда “Газли-Когон” газ қувурининг тўртинчи тармоғида 100 км лик масофадаги қурилиш-монтаж ишлари тугалланган. Объектда 200 дан ортиқ ходим фаолият юритмоқда, шунингдек, 80 та махсус техника жалб қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2021-2022 йилларда магистрал газ узатиш тизимини модернизация қилиш ва самарадорлигини ошириш дастури амалга оширилмоқда. Унга мувофиқ, Республика бўйича 315 км магистрал газ қувури қурилмоқда.
Жумладан, “Газли-Когон” магистрал газ қувури бўйлаб янги, узунлиги 140 км, “Янгиер-Оҳангарон” газ қувурида 95 км.га тенг, Ўрта Осиёни Марказ билан боғлайдиган “САЦ 2” бўйлаб 80 км қувурларини қуриш режалаштирилган. Шунингдек, дастур доирасида 196 км узунликдаги магистрал газ қувурлари реконструкция қилинади ҳамда капитал таъмирланади.
Айтиш жоизки, айни дамда "Газли-Когон" йўналишида 3 та тармоқ фаолият юритмоқда. Биринчи ва иккинчи тармоқлар 1973-1983 йилларда ишга туширилган бўлса, учинчи тармоқ 2006 йилда фаолиятини бошлаган. Вазирлик маълумотларига кўра, бир суткада мазкур магистрал газ қувури бўйлаб 35 млн кубометр табиий газ етказиб берилади.