Россия халқ артисти ва “Голос” ҳаками Александр Градский вафот этди

Аввалроқ бастакор Москвадаги касалхоналардан бирига мияга қон қуйилиши гумони билан ётқизилган эди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 ноя — Sputnik. Россия халқ артисти, бастакор, қўшиқчи Александр Градский 73 ёшида бу оламни тарк этди. Бу ҳақда “Голос” телелойиҳасининг Instagramʼдаги саҳифасида хабар берилди.
26 ноябрь куни артистнинг аҳволи ёмонлашган эди. Шу боис у Москвадаги касалхоналардан бирига мияга қон қуйилиши гумони билан ётқизилган эди.
Sputnik радиоси маълумотларига кўра, Александр Градский мия инфарктидан вафот этган.
Қўшиқчи, шоир ва бастакор Градский 1949 йил 3 ноябрь куни Челябинск вилояти Копейск шаҳрида тавваллуд топган. 1997 йилда Россия Федерациясининг хизмат кўрсатган санъат арбоби унвонига сазовор бўлди, 1999 йилда унга Россия халқ артисти унвони берилди.
Истеъдодли бастакор 40 дан зиёд бадиий фильм, бир неча ўн ҳужжатли ва мултипликацион фильмлар мусиқаси муаллифи.
Градский турли йилларда “Голос” мусиқий шоусининг ҳаками бўлиб келган. Лойиҳанинг бу йилги юбилей мавсумида ҳам ҳакамлар қаторидан ўрин олган эди.