ТОШКЕНТ, 28 ноя — Sputnik. Асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик тадбиркор Алишер Усмонов яна Халқаро қиличбозлик федерацияси (FIE) президенти лавозимига сайланди.
Лозанна шаҳрида (Швейцария) 27 ноябрь куни федерацияга янги раҳбар сайлаш учун овоз бериш бўлиб ўтди.
“Унда амалдаги президент Алишер Усмонов ғалаба қозониб, ташкилотдаги бошқарувини давом эттирадиган бўлди”, - деб хабар қилди Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси.
Алишер Усмонов 2008 йилдан бери ушбу халқаро ташкилотни бошқариб келмоқда. У FIE’га 2012 ва 2016 йилларда қайта сайланган.
Шунингдек, сайлов якунларига кўра ўзбекистонликлар ҳам ташкилотнинг бир қатор бўлимлари таркибий қисмига кирди. Жумладан, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси бош котиби Гулнора Саидова тарғибот қўмитаси, Токио—2020 Олимпиадасида ҳакамлик қилган Аида Ҳасанова эса ҳакамлар қўмитаси таркибига киритилди.
Тадбир давомида 2023 йилги жаҳон чемпионати мезбонлигига даъвогар Тошкент шаҳрининг тақдимоти намойиш этилди. Тақдимотни Ўзбекистон МОҚ ва Қиличбозлик федерацияси раиси Рустам Шоабдураҳмонов ҳамда Гулнора Саидова ўтказишди. Бироқ якунда мезбонлик Миланга насиб этди.