ТОШКЕНТ, 26 ноя – Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Қозоғистон биринчи президенти – элбоши Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, суҳбат аввалида Мирзиёев Назарбоевни яқинлашиб келаётган байрам - Қозоғистон биринчи президенти куни билан табриклаган. Унга мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва янги зафарлар, биродар Қозоғистон халқига бардавом тараққиёт ва равнақ тилаган.
Мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари бугун юксак даражага кўтарилгани мамнуният билан таъкидланди.
Қайд этилишича, жорий йил бошидан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 40 фоизга ошган. Икки мамлакатнинг етакчи компания ва корхоналари ўртасидаги саноат кооперацияси кенгайиб бормоқда. Бугун Туркистон шаҳрида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари раҳбарлари иштирокида Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва Ҳудудлар форуми ўтказилмоқда.
Телефон мулоқоти чоғида икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, улар бўлажак олий даражадаги учрашувлар режасини кўриб чиқишди.