ТОШКЕНТ, 23 ноя — Sputnik. Тошкент вилоятида 100 минг хонадоннинг 1 кунлик истеъмолига тенг миқдордаги газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди.
Энергетика вазирлиги штаби 17 ноябрь куни Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида жойлашган “SHIRINA PETROL” МЧЖ ва Тошкент туманида жойлашган “CLEAN GAS SERVICE” МЧЖларга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида табиий газдан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши юзасидан текшириш ўтказди.
Ўрганиш давомида 2 та “тадбиркор” 1 млн 635 минг куб метр ёки бугунги кунда 100 мингта аҳоли хонадонларининг бир кунлик истеъмолига етадиган газдан ноқонуний фойдаланилганлиги аниқланди.
Хусусан, “SHIRINA PETROL” МЧЖда электрон газ ҳисоблаш ускунасига ташқи таъсир кўрсатиш имкони бўлганлиги ва ўтказилган эксперимент давомида конфигурация созламаси технологик йўриқномалар талабига мос эмаслиги сабабли қайта ҳисоб-китоб қилиниши натижасида 1 млрд 274 млн 700 минг сўм зарар етказилганлиги аниқланди.
“CLEAN GAS SERVICE” МЧЖ шартнома ҳужжатларидан ташқари 1 дона компрессор ускуна ортиқча ўрнатилганлиги сабабли амалга оширилган қайта ҳисоб-китоб натижасида 360,5 млн сўм зарар етказилганлиги аниқланди.
Текширув ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.